Сурхондарё вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси (ЙҲХБ) ходимлари Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб боди-камера (body-camera)лардан фойдаланишни бошлади. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ИИБ ЙҲХБ матбуот гуруҳи катта инспектори, лейтенант Аброр Чориев «Дарё»га маълум қилди.

Фото: Сурхондарё вилояти ИИБ ЙҲХБ

Сурхондарёлик 80 нафар пост-патруль хизмати ходими, 60 нафар ЙҲХБ инспекторлари 8 апрелдан бошлаб синов тариқасида рақамли боди-камералардан фойдаланган ҳолда хизмат олиб бормоқда.

Боди-камералар махсус буюртма асосида Хитойда ишлаб чиқарилган бўлиб, қуввати узлуксиз 12 соат ишлашга етади, жазирама ва ёғингарчилик об-ҳаво шароитларида ҳам қўллаш мумкин.

Фото: Сурхондарё вилояти ИИБ ЙҲХБ

«ЙПХ ходимлари билан ҳайдовчилар орасидаги кўплаб зиддиятли, тамагирлик ҳолатларининг олдини олишда, содир этилган йўл ҳаракати қоидабузарликларига ойдинлик киритилишида боди-камераларнинг ўрни беқиёс», — дейилади вилоят ИИБ ЙҲХБ матбуот гуруҳи ахборотида.

Маълумот учун, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга 2017 йилги Мурожаатномасида яқин вақт ичида милиция ходимлари елкасига боди-камера тақиб ишлашини маълум қилган эди. Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2018 йил 1 декабрда қабул қилинган қарорга мувофиқ, 2019 йил 1 июлдан бошлаб йўл ҳаракати қатнашчилари хизматни мобил видеокамерасиз олиб бораётган ЙПХ ходимига ҳужжатларни тақдим этмаслик ҳуқуқига эга.

Фото: Сурхондарё вилояти ИИБ ЙҲХБ